Homeschooling нима?

YouTube’да ёш ўзбек оиласи томонидан жуда фойдали канал очилган. Номи – Our Uzbek Homeschool. Канал нима ҳақида эканлиги ҳақида яхшироқ тасаввурга эга бўлиш учун қисқа видео лавҳани бу ерда тамоша қилишингиз мумкин – Уй таълими ҳақида интро – #1. Видео лавҳаларда асосий қаҳрамонлар бу Софиа ва Марям. Уларнинг ота-онаси Абдулазиз ва Умида эса уларга ўқитишнинг турли усулларидан фойдаланиб таълим бераётганларини кўриш мумкин. Умида ва Абдулазизга блогим кузатувчилари учун homeschooling ҳақида яхшироқ маълумот беришлари учун бир неча савол билан мурожаат қилдим. Қуйида уларнинг жавоби билан танишиб чиқишингиз мумкин.
1. Homeschooling нима?
Homeschooling фарзандга уй шароитида таълим беришни англатади. Фарзандга таълим мактаб ёки боғчада эмас, балки уйда ота-она томонидан берилади. Бунда ота-она ҳам давлат, ҳам мактаб директори, ҳам ўқитувчи вазифасини ўтайди. Ўқув дастурини ўзи мустақил ишлаб чиқади. Асосий мақсад, фарзандга ҳеч қандай мажбурий таълим тизимига бўйсунмаган ҳолда таълим беришдан иборат.
2. Сиз нимага homeschooling’ни танладингиз?
Homeschooling танлашимизнинг асосий сабаби фарзандларимизни динимиз ва шарқона маданиятимизга мос равишда тарбиялаш. Бунда дин ва маданиятимизга тўғри келмайдиган ҳар-хил фалсафий фикрлардан сақлаш имконимиз бўлади. Шу билан бирга, ҳар-бир боламизни ўқитишга мос бўлган индивидуал ёндашувни танлаб, дарсларни ҳам шунга кўра тақдим этиш мумкин. Аждодларимизнинг таълим олиши ҳам асосан уйда, ота-онаси орқали бошланган. Бундан ташқари, бола ва ота-онанинг имкони борича кўпроқ бирга вақт кечириши оиладаги меҳр-оқибат ва иноқликни ҳам кучайтиради. Яна бир афзаллиги шундаки, кичкина болакай эрталабдан уйқуга тўймасдан мажбурий уйғотилмайди, совуқ қишдаям қалтираб кўчада автобус кутиб ўтирмайди, вақти тежалади ва албатта доимо эркин бўлади.
3. Маҳаллий мактаблар айнан қайси жиҳати билан фарзанд катта қилиш учун сизга маъқул келмади?
Мен ўзим мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганман ва шундан яхши биламанки, Америка ва Европа мактабларида боланинг тарбиясига салбий таъсир қиладиган жуда кўп ноўрин дарслар бор. Яъни, боғча ва мактабларда ота-она ва фарзандлар ўртасига нифоқ туширадиган ғоялар ўқитилади, ва натижада, фарзанд ўз ота-онасига ишончсизлик билан қарай бошлайди, ўзаро ишонч ва меҳр-муҳаббат камаяди. Масалан, биров сизнинг олдингизга келиб, шу хонадошингдан эҳтиёт бўл деса, шу дўстингиздан шубҳалана бошлайсиз. Худди шундай, болага ҳам ота-онаси ҳақида шу каби фикрлар сингдирилса, улардан шубҳаланиб қолиши турган гап. Албатта, баъзан ҳар бир бола давлат ҳимояси остида бўлиши керак. Лекин, боланинг энг биринчи ҳимояси ота-онасидир. Агар ота-она ва ёки болага қаровчи бошқа бирон шахс болани қийноққа солса, унга жисмонан ёки психологик зулм қилса, албатта бола ҳимоя қилиниши ва ўша шахслар жазоланиши шарт. Лекин, мактабларда ўқувчиларга ота-онаси уларга ёқмайдиган муомала қилганда қўнғироқ қилишлари мумкин бўлган телефон рақамлари берилган (National Childabuse Hotline). Фарзанд мазкур телефон рақамига қўнғироқ қилиши баъзи ҳолатларда ота-онага нисбатан ноҳақликка сабаб бўлмоқда. Масалан фарзандга, айниқса балоғат ёшида бўлса, баъзан сал қаттиқроқ туриш керак бўлади. Ота-она фарзандларини ёмонлардан ҳимоя қилиш учун койиши мумкин. Аммо, мазкур ҳолатда ота-она фарзанд шикояти туфайли ҳукумат томонидан сўроққа тутилиши ва/ёки бир неча кунга ҳибсга олиниши ҳам мумкин. Бу муассаса ходимлари исбот талаб қилмайди. Боланинг жаҳл ё араз устида айтган бир оғиз ноўрин ва ёки ёлғон гапини ҳам асос қилиб олиб, унинг ота-онасига қарши бирон савол-сўроқсиз турли маъмурий ёки жиноий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин. Бунақа ноҳақ ҳолатларнинг бир неча бор гувоҳи бўлганман.
Бундан ташқари, мактабларда бола иммигрант ва мусулмон оиладан бўлганлиги сабабли уни чиқиштирмаслик, устидан кулиш, ва бола психологиясига салбий таъсир қиладиган бошқа ҳолатлар кўп содир бўлади (Америкада бунга “bullying” дейилади). Қолаверса, боланинг тарбияси ва ахлоқини бузадиган ҳолатлар мактабларда, айниқса юқори синфларда, кўп учрайди. Америкада фарзанд катта қилаётган ота-оналар бу ҳолатлар нимадан иборат эканлигини яхши билишади.
4. Homeschooling асосан уй шароитида амалга оширилгани туфайли, фарзандлар бошқа тенгқурларини кам кўради, улар билан муносабатда бўлмайди. Бу фарзанднинг одамови, бошқалар билан яхши чиқиша олмайдиган бўлиб катта бўлишига сабаб бўлмайдими?
Homeschooling дегани фақат уйда, ёлғиз ўтириб дарс қилиш дегани эмас. Аксинча, кўп ҳолларда homeschooling’dan фойдаланаётган оила фарзанди бошқалар билан яхши чиқишади. Чунки, уй таълимидаги болаларда катта-кичик саёҳатлар, турли тўгаракларга, спортларга қатнашиш, бошқа уйда таълим оладиган болалар билан учрашувлар тез-тез бўлиб туради. Шу сабабли улар бошқалар билан чиқишиш жиҳатидан ҳатто устун ҳам туришади. Мактаблардаги болалар кўп ҳолларда тенгдошларнинг бир-бирига бўлган босими (peer pressure) ёки зўравонлиги (bullying) туфайли аксинча ёпилиб, ҳадиксирайдиган ва одамови бўлиб қолиши мумкин.
5. Homeschooling билан боғлиқ энг асосий қийинчиликлар нимадан иборат?
Баъзан болалар ҳамма нарсани бирдан ва тез билгиси келади, ўрганишга бўлган истаги юқори бўлади. Масалан, одатда биз дарс учун белгиланган кунлик вақтимиз ва материалларимиз бор. Лекин, дарс жараёни ва материалларнинг қизиқлиги, турлича бўлгани учун кўп ҳолларда қизимиз бу билан чегаралангиси келмайди, у билан яна узоқроқ шуғулланишимизни хоҳлайди. Биз эса, болага оғирлик қилмасин деб чегарамизда туришга ҳаракат қиламиз. У яна талаб қилишда давом этади ва агар қилмасак, хархаша қилади. Шу тарафдан баъзан сал қийналамиз.
6. Homeschooling билан боғлиқ энг асосий устунликлар нимадан иборат?
Энг асосий устунлик бу аксарият ҳолларда фарзанд белгиланган таълим дастурини 1.5-2 баравар тезроқ битиради. Масалан, мактаб программаси одатда 12 йилда битса, homeschooling’da шу дастурни 8-9 йилда битирса бўлади. Яна, дарсларни уйдаям, кўчадайм, йўлдаям қилиб кетавериш мумкин. Таълим бериш жойи, вақти, баҳолаш услуби, ва дарсларни танлаш каби масалаларда ҳар ким ўзи эркин равишда қарор беради. Бола болалигича қолади – истаган вақти исталганча тўйиб ўйнайди, мактабда бўлгани каби кун бўйи парта орқасида ўтирмайди. Таътил ва саёҳатлар учун ҳар вақт қулай.
7. Homeschooling қандай оилалар учун маъқул келади деб ўйлайсиз?
Homeschooling асосан оила аъзоларидан бири уйда болалар билан қоладиган оилаларга жуда мос келади. Сабаби шундаки, кимдир болалар билан ҳар доим уйда бўлиши керак. Кўп ҳолларда бу вазифани она бажаради. Лекин, алмашиб ишлайдиган ота-оналар орасида ҳам homeschooling кўп учрайди.
8. Homeschooling’ni бошламоқчи бўлган оила учун бир йиллик ҳаражат тахминан неча пул? Қайси таълим дастурларини тавсия қиласиз?
Кетадиган ҳаражат болани қайси ёшдан бошлаб homeschooling асосида ўқитишга боғлиқ. Одатда, 1-синфгача бўлган болалар учун, яъни Preschool, Pre-K, Kindergarten босқичлари, унчалик кўп ҳаражат кетмайди ва универсал бир таълим дастури йўқ. Деярли ҳамма нарса эркин. Муҳими, болага илк асосий билимлар берилиши керак. Дарсликларни доим ҳам янги олиш шарт эмас. Кўп фикрларни Pinterest, Instagram, YouTube каби ижтимоий тармоқлардан олса бўлади? Дарслик ва турли машғулот буюмларини Dollar Store, Michael’s, Halfprice Book, Amazon, Teacherspayteachers kabi веб саҳифаларидан олиш мумкин. Кутубхоналарда ҳам ресурслар талайгина. Монтессори усулидаги кўпгина қизиқарли машғулотларни уй шароитида ҳам осон ясаб олиш мумкин. Шуларга қараб, кичик ёшдаги болаларга йилига тахминан 200-500$ сарфланиши мумкин.
Таълим дастурларини танлашдан олдин қайси усулда таълим беришни танлаб олиш керак. Масалан, қуйидаги видео лавҳада homeschooling’нинг кенг тарқалган баъзи усуллар ҳақида фикр билдирганмиз. Биз ўзимиз Танлов усулида ўқитамиз, яъни ҳар битта дарс ё мавзуга қараб ҳар-хил усулни қўллаймиз: кўпроқ Монтессори, Elon Musk, Классик ва унсчоолинг усулларидан фойдаланамиз.
8. Назаримда homeschooling самарали бўлиши учун ҳам ота-она, ҳам фарзандлар режа асосида ишлашлари керак. Шундайми?
Ҳа, албатта, ҳамма ишда керак бўлгандек, homeschooling кўзланган натижани бериши ва самарали бўлиши учун режа асосида дарс ўтиш керак. Режа ёзма кўринишда ва камида 1-2 ҳафта олдин тайёрлаб қўйилса ота-онага ҳам қўл келади. Масалан, тайёр режалаштириш дафтарчалари фойдаланиш мумкин.
Таълим режаси болага нимани, қачон, қандай ўргатишни аниқлаштириб олиш ва шуларга асосан боланинг ўзлаштиришини кузатиб бориш учун жуда керак бу. Ҳар бир ҳомесчоолинғни бошламоқчи бўлган ота-она биринчи бўлиб ўз штати таълим қонун-қоидалари билан яхши танишиб олиши шарт. Йўқ, бу ҳеч ҳам қийин эмас.
9. Уй шароитида таълим беришдан ташқари фарзандларингиз учун яна нима қиласиз (extracurricular activities)?
Биз деярли ҳар бир ўқитилаётган мавзу асосида қизиқарли қўшимча машғулотлар билан тўлдириб, мустаҳкамлаб борамиз. Масалан, шу мавзуга бағишланган меҳнат-ҳунар соатлари, ўйинлар, музей ва шу каби жойларга саёҳатлар, қизиқарли тўгаракларга қатнашишларни ташкил қиламиз.
10. Ўзбекистондаги таълим тизими ҳам инқирозга юз тутган. Нима деб ўйлайсиз, homeschooling вақтинчалик ечим бўла оладими?
Ўзбекистонда ҳам яхши таълим муассасалари ва яхши ўқитувчилар бор. Балки, етарли даражада эмасдир. Лекин, келажакда уларнинг сони кўпайишига умид қиламиз. Агар Ўзбекистондаги қонунчилигимиз бунга рухсат берса, homeschooling яхши муқобил таълим тизими бўлиши мумкин. Ва, албатта, homeschooling муваффақиятли бўлиши учун ота-она, ва ёки боланинг ўқиши билан шуғулланувчи шахсга жуда боғлиқ. Ўзбекистонда ҳам молиявий имкони борлар репетитор хизматидан фойдаланишади кўпинча. Бу ҳам homeschooling’нинг бир кўриниши.
11. Ўзбекистонда homeschooling қилмоқчи бўлган оилаларга нима маслаҳат берасиз?
Ўзбекистондаги таълим қонунларидан унчалик хабарим йўқ. Лекин, масалан, камида мактаб ёшигача бўлган болаларга уйда истаганча бошланғич билимларни секин-секин бериб бориш мумкин. Агар бола мактабга чиққунча ҳеч бўлмаганда энг асосий нарсаларни ўрганиб олса, мактабга чиққанда ҳам ўзлаштириши тенгқурлариникига нисбатан анча илгарироқ бўлиши табиий.