574-386-2815

Call Us Now

 

Даромад солиғи: иммигрантлар эътибор бериши керак бўлган 5 жиҳат

Langar Law Firm > Uncategorized  > Даромад солиғи: иммигрантлар эътибор бериши керак бўлган 5 жиҳат

Даромад солиғи: иммигрантлар эътибор бериши керак бўлган 5 жиҳат

Amerikada soliqlar

Ҳозир Америкада “tax season,” яъни даромад солиғини тўлаш вақти. Тегишли даромад солиғи декларациясини тўлдириб, жорий йилнинг 17 апрелигача топшириш керак. Америкада, иммиграцион мақоми қандай бўлишидан қатъий назар, даромад кўрган ҳар ким даромад солиғини тўлаши керак. Қуйида иммигрантлар даромад солиғи декларациясини тўлдиришда эътибор бериши керак бўлган 5 жиҳат ҳақида гап кетади.

1. Иммиграцион мақомингиз қандай бўлишидан қатъий назар даромад солиғи декларациясини топширинг

Америкада солиқлар кишининг иммиграцион мақомига қараб тўланмайди. Америка фуқароси, грин карта эгаси ёки ҳужжатсиз иммигрант бўлишингиздан қатъий назар, ишлаб даромад топаётган ҳар ким даромад солиғи тўлаши керак.

Даромад солиғини тўлаш борасида тушунмовчилик асосан ҳужжатсиз иммигрантлар орасида кўп учрайди. Даромад солиғи декларациясини тўлдиришда SSN рақамини (Social Security Number) киритиш талаб этилади. SSN рақами эса ҳужжатсиз иммигрантларга берилмайди. Натижада, даромад солиғини тўлашим шарт эмас экан, деган тушунча пайдо бўлиши мумкин. SSN рақами бўлмаган иммигрантлар даромад солиғини тўлаш учун ITIN (Individual Taxpayer Identification Number) рақамини олишлари мумкин. IRSInternal Revenue Service (яъни Америка солиқ хизмати) ҳужжатсиз иммигрантларнинг ITIN маълумотларини иммиграция хизматига бермайди.

Америкада 12 миллионга яқин ҳужжатсиз иммигрант бор.  Ҳукумат ҳамиша бу муаммони қандай ҳал этиш устида бош қотиради. Солиқларни тўлаб юриш АҚШ қонунларига ҳурмат кўрсатиш ва амал қилишни англатгани учун,  ҳужжатсиз иммигрантларга қонуний мақом бериш ҳақида гап кетганда ҳамиша солиқларни мунтазам тўлаб бориш қонуний мақом олиш шартларинидан бири сифатида санаб ўтилади.

2. Солиққа тортилиши мумкин бўлган даромадни яширманг

Америкада қасддан даромад солиғини тўламаслик ёки даромадни яшириш жиноят ҳисобланади (tax evasion). Жиноят қонунчилигида назарда тутилган жавобгарликдан ташқари, солиқ тўлашдан бўйин товлаш иммиграцион мақомингиз ва имтиёзларга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, Америкага фуқаролигини олиш учун ариза топширганда (naturalization),  грин карта эгаси “яхши ахлоқ эгаси” (a person of good moral character) эканлигини кўрсатиши керак. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш эса кишини яхши ахлоқ эгаси эмас, деб топилишига сабаб бўлиши мумкин.  Бундан ташқари, агар грин карта эгаси солиқ тўлашдан бўйин товлагани сабабли жиноий жавобгарликка тортилса, бундай жиноят “ахлоқий бузуқлик” жинояти (a crime of moral turpitude) ҳисобланади (Carty v. Ashkroft).  Бундай жиноятни содир этган киши эса депортация қилиниши мумкин.

3. Никоҳ самимий ният билан тузилганини кўрсатади

Америка фуқароси ёки грин карта эгаси билан никоҳ қурган кишига грин карта берилади.  Аммо бунда бажарилиши керак бўлган бир неча шартлар мавжуд.  Бундай шартлардан бири бу никоҳ самимий ният билан (good faith marriage) қурилганини кўрсатишдир. Никоҳ қуриш орқали грин картага мурожаат қилаётган эр-хотиндан ҳамиша бир неча йиллик даромад солиғи декларацияларини топшириш талаб этилади. Бунда, масалан, эр даромад солиғи декларациясини хотини билан бирга (married filing jointly) топшириш ўрнига ўзи алоҳида (single) топширган бўлса, унда иммиграция ходими эр-хотин бирга яшамаслиги,  никоҳ эса самимий ният билан қурилмаган, деган хулосага бориши мумкин.  Натижада никоҳ қуриш асосида грин карта олишга топширилган ариза рад этилиши мумкин.

4. Оила аъзоларингизни олиб келишда муҳим аҳамиятга эга

Америка фуқароси ёки грин карта эгаси баъзи оила аъзоларини чақириб олиши мумкин.  Бунда оила аъзосини чақириб олиш учун аризани топшираётган Америка фуқароси ёки грин карта эгаси Affidavit of Support (Form I-864) номли ҳужжатни ҳам топшириши керак.  Мазкур ҳужжат чақирилиб олинаётган оила аъзоси ҳаражатларини қоплаш учун етарли даромад бор эканлигини кўрсатувчи ҳужжат ҳисобланади. I-864 форма билан бирга энг камида охирги икки йил учун даромад солиғи декларациялари ҳам топширилиши талаб этилади, чунки формада кишининг йиллик даромада неча пул эканлиги кўрсатилган бўлади.  Агар кам солиқ тўлаш мақсадида йиллик даромад ҳам кам кўрсатилган бўлса (масалан йилига $60, 000 ўрнига $35, 000), унда иммиграция хизмати ходими даромадингиз қўшимча оила аъзоларини Америкага чақариб олиш учун етарли эмас, деган хулосага бориши ва аризангизни рад этиши мумкин.

5. Солиқ тўлашнинг грин картага таъсири

Грин карта (доимий резидент) мақомини йўқотиш сабаблари ҳақида аввалги мақоламда ёзган эдим. Aгар грин карта эгаси чет элда 6 ойдан кўп, лекин 1 йилдан кам вақт ўтказса, аэропортдаги иммиграция ходими унга қўшимча саволлар бериши мумкин. Мазкур саволлар асосан чет элга қилинган саёҳат вақтинчалик ёки доимий бўлганини аниқлашга қаратилган бўлади. Саёҳатингиз вақтинчалик бўлганини ва Америка билан доимий ришталарни узмаганингизни кўрсатишда даромад солиғи декларациясини кўрсатишингиз мумкин. Яъни, агар солиқларни мунтазам резидент сифатида тўлаб юрган бўлсангиз, демак Америкада доимий яшаш ниятидан воз кечмаганингизни кўрсатади. Аксинча, агар Америкада даромад солиғи тўламаган бўлсангиз ёки солиқларни норезидент сифатида тўлаган бўлсангиз, демак Америкада доимий яшаш ниятингиз йўқ эканлигини кўрсатиши мумкин.

Даромад солиғи декларациясини тўлдиришда юқорида муҳокама қилинган жиҳатларга эътибор бермаган бўлсангиз, иммиграция ишлари бўйича адвокат билан маслаҳат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

No Comments

Leave a Comment

Add A Knowledge Base Question !

You will get a notification email when Knowledgebase answerd/updated!

+ = Verify Human or Spambot ?