574-386-2815

Call Us Now

 

АҚШда нафақага чиқиш

Langar Law Firm > Uncategorized  > АҚШда нафақага чиқиш

АҚШда нафақага чиқиш

Ўзбекистонликларнинг АҚШга иммиграция қилиши 1991 йилдан кейин бошланди. Демак, ватандошлар орасида ҳозир нафақа ёшида бўлганлар кўп. АҚШга кейинчалик иммиграция қилганлар эса нафақа ҳақида ҳозирдан молиявий режа қилишни бошлашлари мақсадга мувофиқ.

АҚШда нафақа тизими қандай ишлашини биласизми? Нафақага чиқиш учун етарли маблағ йиғиб қўйдингизми? Қайси молиявий режалаш усулларидан фойдаланяпсиз? Мазкур саволларга жавоб топиш учун молиявий маслаҳатчи (Financial adviser) Жамшид Усанов билан боғландик.

Америкада ижтимоий хавфсизлик учун қайси давлат муассасаси масъул?

Америкада ижтимоий хавфсизлик тизимини бошқариш учун Social Security Administration (SSA), яъни Ижтимоий Хавфсизлик Бошқармаси, масъул. Мазкур бошқарма 1935 йилда Social Security Act орқали ташкил этилган ва шундан бери АҚШда нафақа ёшига етган аҳолига ижтимоий ҳимояни таъминлаб келмоқда. Бу тизимга кўра, ишчилар меҳнат фаолиятлари даврида тўловлар қилиш орқали ижтимоий хавфсизлик тизимига ўз ҳиссаларини қўшиб борадилар ва нафақа ёшига етганларида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ижтимоий хавфсизлик тизими қандай ишлайди?

Нафақа тўловини олиш учун унга аввал ҳисса қўшиш зарур.  Бу ҳисса даромад солиғи ва ижтимоий тўловлар орқали қўшилади. Ишлаб топилган даромад асосида кредит (кредит-имтиёзларга квалификация қилиш учун ўлчов бирлиги) йиғилади. 2017 йилда ишлаб топилган ҳар $1300 бир кредитга тенг келган (бу рақам ҳар йили ўзгаради). Ҳар йили жами 4 (тўрт) кредит ҳиссангизга қўшилиши мумкин. Бу кредитлар ишлашни тўхтатсангиз ҳам ёки иш алмаштирсангиз ҳам тизимда сақланиб қолинади.

Минимал ижтимоий имтиёзларга эришиш учун камида 40 кредитга эга бўлиш зарур. Мисол учун, сиз 40 ёшдасиз ва АҚШда 7 йилдан бери истиқомат қиласиз.   Ушбу 7 йилнинг илк 2 йилида сиз даромад декларациясини топширмагансиз ва солиқ тўловларини амалга оширмагансиз, қолган 5 йил давомида эса ҳар йили энг камида $5200 даромад кўрсатиб унинг солиқ тўловларини амалга оширгансиз. Бу ҳолатда сиз яна 5 йил шундай ишлаб берсангиз сизнинг ҳисобингиздаги кредитлар 40га етади ва сиз нафақа ёшига етганингизда АҚШдан нафақа олишингиз мумкин бўлади.

Ижтмоий имтиёзлардан фойдаланиш қачон бошланади?

Нафақага чиқишнинг энг эрта ёши 62 ёшдан бўлсада «тўлиқ нафақа ёши» 67 ҳисобланади.  Агар сиз 62 ёшдан нафақага чиқишга қарор қилсангиз, 67 ёшдан чиққанда олишингиз керак бўлган сумманинг 70 фоизи миқдорида нафақа оласиз.  Масалан, 67 ёшдан нафақага чиқсангиз нафақа тўловингиз $1000 бўлса, 62 ёшдан нафақага чиққанда сизнинг тўловингиз $700 ташкил этади.

«Тўлиқ нафақа ёши» билан 70 ёшга етиш оралиғидаги ҳар бир йил учун нафақа тўлови йилига бир неча фоиздан ошади. Демак 70 ёшга етгач нафақа олиниши бошланса, максимал эришиш мумкин нафақа суммасини олиш мумкин. 70 ёшдан бошлаб нафақа суммасини олмаслик уни яна ўсиши ёки кўпайишига олиб келмайди.

62 ёшга тўлгач, ишлаб турган ҳолда нафақа олиш мумкин, лекин бу ҳолатда SSA ўзининг махсус формуласини қўллаб, нафақа суммасини камайтириб тўлайди.
Агар шахс вафот этишидан олдин 40 кредит йиққан бўлса, унинг баъзи оила аъзолари унга тегишли бўлган имтиёзлардан чекланган даражада фойдаланишлари мумкин.

18 ёшга тўлмаган фарзандлар нафақанинг 75 фоизи миқдорида, турмуш ўртоғи эса 60 ёшга тўлгач 71. 5 фоиз, «тўлиқ нафақа ёши»га етгач эса бутун 100 фоиз нафақасига эгалик қилиши мумкин.

Ижтимоий хавфсизлик тизими яна кимларни ҳимоя қилади?

SSA нафақа ёшига етганлар билан бирга қуйидагиларни ҳам ҳимоя қилади:

  • нафақа ёшига етмай меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганларни; ҳамда
  • 22 ёшга етмасдан ногирон бўлиб қолган кишиларни.

Нафақаҳўрга белгиланган нафақа тўловларини оила аъзолари олиши мумкинми?

Умуман олганда, ҳа. Нафақа ва ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиш учун етарли даражада ишлаган ва тўловларни вақтида амалга ошириб юрган киши нафақага чиқиши билан вафот этган тақдирда, бу киши учун белгиланган нафақа тўловларини унинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари томонидан олиниши мумкин.

Нафақа даромад солиғига тортиладими?

SSAдан оладиган нафақангиз бошқа қанча даромадларингиз борлигига қараб солиққа тортилиши мумкин. Агар нафақангизни ярми ва қолган барча даромадларингиз жами йилига $25000дан кам бўлса солиққа тортилмайди.

Ижтмоий имтиёзлар ҳақида қаердан маълумот олсам бўлади?  
Одатда SSA имтиёзларингиз ҳақида маълумотни ҳар йили жўнатади. Сиз SSA сайтида SSA-7004 (Request for Social Security Statement) формасини тўлдириш орқали ҳам бу маълумотларни талаб қилсангиз бўлади.
Юқорида қайд этилган 40 кредит йиғиш талаби, сизнинг 65 ёшга тўлишингиз билан Medicare имтиёзларига эга бўлишингиз учун ҳам ишлатилади.

Келажакда ижтимоий ҳавфсизлик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқбирон муаммони кузатиш мумкинми?

Ҳозирги кунда 44дан ёшроқ бўлганларни бироз ҳавотирга соладиган ҳолат мавжуд. АҚШ ҳукуматининг таъкидлашича SSA имтиёз ва нафақаларни ҳозирги тартиб ва миқдорда тўлаши учун 2035 йилгача молиявий ресурслар етади. Ундан кейин SSA имтиёзлари миқдори камайтирилиши эҳтимоли жудаям катта. 2010 йилдан бери SSAга кириб келаётган тушумлардан кўра тўланаётга нафақа ва имтиёзлар миқдори кўпроқ бўлиб келмоқда.

Сиз агар нафақа ёшига яқинлашаётган бўлсангиз ва сизга берилиши мумкин бўлган нафақа ва бошқа ижтимоий имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот билмоқчи бўлсангиз, маҳаллий ижтимоий ҳимоя офиcига мурожжаат қилишингиз мумкин. Қуйидаги линк орқали маҳаллий офисни топишингиз мумкин – https://secure.ssa.gov/ICON/main.jsp

* Ушбу мақола умумий маълумот бериш учун тайёрланди. Ҳуқуқий маслаҳат ҳисобланмайди.

No Comments

Leave a Comment

Add A Knowledge Base Question !

You will get a notification email when Knowledgebase answerd/updated!

+ = Verify Human or Spambot ?