АҚШ аэропортида илмоқли саволлар

* Қуйида берилган маълумотлар ҳуқуқий маслаҳат эмас. Иммиграция ҳуқуқи бўйича саволларингиз бўлса адвокат билан боғланинг.
Паспортингизга АҚШ визаси урилди. Хурсандсиз. Авиачипталарни олдингиз. 15 соатлик учишдан сўнг самолёт Ню Йоркнинг ЖФК аэропортига қўнди. Ҳаяжондасиз. Бир неча дақиқадан кейин сизни оилангиз ёки дўстингиз кутиб олади. Аммо аэропортда иммиграция хизмати ходими сизни АҚШга киритилмаслиги, қисқа муддат ичида Ўзбекистонга қайтиб кетишингизни буюриши мумкин. Бундай ҳолат кўпинча иммиграция хизмати ходими берган саволларга қониқарсиз жавоб берганингиз учун келиб чиқади. Ҳўш, АҚШ аэропортида иммиграция хизмати ҳодими саволларига жавоб беришда нималарга эътибор бериш керак?
Самолёт АҚШга қўнганидан кейин
Самолёт АҚШга қўнганидан кейин барча йўловчилар белгиланган йўлакчалардан юриб, иммиграция ходими (аниқроғи CBP [Customs and Border Protection – Божхона ва чегара назорати] ходими) ўтирган жойга борадилар. Аэропортлар АҚШга кириш пункти (port of entry) ҳисобланади. Кириш пунктидан ўтиш учун иммиграция ходими ўтирган жойга борасиз. Бу ерда иммиграция ходими йўловчининг АҚШга кириб келиш учун рухсати борлигини аниқлаш учун паспорт, виза ва бошқа ҳужжатларни текширади. Орқасидан АҚШга нима мақсадда келганингизни сўраши мумкин. Бармоқларингиз изи (ten-printed fingerprinting) ва камерага расмингиз олинади.
Бу жараёнда ҳеч қандай муаммо чиқмаса, иммиграция ходими паспортингизга муҳр босиб беради (passport admission stamp). Муҳрда виза тури ва кетиш санаси кўрсатилган бўлади. Бу нуқтадан кейин аэропортдан чиқиб кетишингиз мумкин.
Иммиграция ходими ҳаммадан шубҳа қилади
Умуман олганда иммиграция ходими билан суҳбат ҳеч-қандай муаммосиз ўтади. Аммо уларга чагарадан кириб келаётган ҳар бир кишидан шубҳа қилиш уқтирилган. Иммиграция ходимининг биринчи вазифаси хавфсизликни таъминлаш. Шу сабабли, сиз узатган ҳужжатда кўрсатилган исмни турли маълумотлар базасидан ўтказадилар. Бу билан текширилаётган киши аввал иммиграцион қонунчиликни бузганми, жиноий гуруҳ аъзоси сифатида танилганми каби мезонлар бўйича текширади.
Иммиграция ходимининг саволлари
Иммиграция ходимининг асосий вазифалари ичига АҚШга нима мақсадда келаётганингизни аниқлаш киради. Масалан, сизга ноиммиграцион виза берилган бўлсаю (B1, B2, F1 ва ҳкз.), сиз эса АҚШда доимий қолиб кетишни ният қилганингиз аниқланса, сизга АҚШга киришга рухсат берилмайди. Буни аниқлаш учун иммиграция ходими сизга саволлар бериши мумкин. Энг кўп сўраладиган саволларни яқиндан ўрганиб чиқиб, уларга аниқ ва лўнда жавоб беришингиз керак.
Илмоқли саволлар
Иммиграция ходими сизга ҳар қандай савол бериши мумкин. Сизга берилган виза ва АҚШга қандай иммиграцион мақсад билан келганингизни аниқлаш учун энг кўп бериладиган саволлар орасида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:
- “Америкага нима мақсад билан ташриф буюрдингиз?” (“Why are you visiting the United States?”) – Сизнинг жавобингиз Тошкентда сизга берилган визага мутаносиб бўлиши керак. Масалан, агар сизга туристик виза берилган бўлса (B1 ёки B2), унда Америкага ишлаш учун ёки узун муддатли ўқиш учун келганингизни айтсангиз, унда сизга виза берилмаслиги, ва қисқа муддат ичида АҚШни тарк этиш буюрилиши мумкин. Демак, агар B1 визаси берилган бўлса, унда “АҚШга саёҳат қилиш учун келдим,” қабилида жавоб беришингиз керак.
- “Америкада қаерда истиқомат қиласиз?” (“Where will you be staying?”) – Бу саволни бериш билан иммиграция ходими сиз АҚШга аниқ режа ва мақсад билан, олдиндан тайёргарчилик кўриб келганингизни аниқлашга ҳаракат қилади. Агар сиз қаерга бориб жойлашишингизни билмасангиз, демак аниқ режа билан келмаганингиз иммиграция ходимида шубҳа уйғотиши, сизга кўпроқ савол бериши ва умуман сизни чуқурроқ текширувдан ўтказиши мумкин (бу ҳолат қуйида батафсилроқ муҳокама қилинган).
- “Кимни кўришга келдингиз?” (“Who will you be visiting?”) – Бу саволдан мақсад ҳам сиз Америкага келишдан олдин пухта ўйлаганмисиз, келиб қаерда туриш режасини қилганмисиз, каби саволларга жавоб топиш.
- “Америкада қанча муддат қоласиз?” (“How long will you be staying?”) – Бу савол билан иммиграция ходими сиз Америкада визада рухсат берилган муддатдан узоқ қолиб кетмаслигингизга ишон ҳосил қилишдан иборат. Сизга бизнес мақсадлар учун B1 визаси берилган бўлсаю,сиз жавоб беришда “Палончи университетда MBA йўналиши бўйича ўқиб, кейин қайтаман, ” деб жавоб берсангиз, сизга киришга рухсат берилмаслиги мумкин.
Жавобларингиз қониқарли деб топилмаганда
Юқорида санаб ўтилган илмоқли саволларга берган жавобларингиз қониқарли, деб топилмаса, иммиграция ходими сизни чуқурроқ текширувдан (secondary inspection) ўтказиши мумкин. Бунда иммиграция ходими сизни алоҳида хонага таклиф қилиши, кўпроқ савол бериб батафсилроқ жавоб беришингизни талаб қилиши, сумка, смартфон ва ноутбук каби буюмларингизни текшириши мумкин.
Сумка ёки попкангиздаги буюмлар, смартфон ва ноутбук ичидаги маълумот сизга АҚШга киришга рухсат берувчи виза турига мутаносиб бўлиши керак. Масалан, B1/B2 ноиммигрант визаси билан турист сифатида АҚШга келаётган бўлсангизу, аммо сумкангиздан ишга топшириш учун принтердан чиқарилган резюме нусхалари чиқса, унда сиздан АҚШга ноиммигрант сифатида эмас, балки доимий қолиб кетиш нияти билан келаяпти, деб шубҳа қилишади ва натижада АҚШга киритилмаслигингиз мумкин. Ёки бўлмаса, АҚШга F1 визаси билан кириб келаётган бўлсангиз ва сумкангиздан тўй либоси чиқиб келса, демак АҚШда турмуш қуриб, доимий қолиб кетиш нияти билан келаяпти, деган шубҳа билан сизга киришга рухсат берилмаслиги мумкин.
Ҳуқуқларингиз чекланганлигини унутманг
Аэропорт кириш пунктида чет эл фуқароларининг ҳуқуқлари чекланган бўлади. Масалан, кириш пунктида адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмассиз. Кириб келиш вақтида бериладиган саволларга жавоб беришга қийналсангиз ҳам адвокатга қўнғироқ қилиш ҳуқуқига эга эмассиз. Иммиграция ходими истаган саволини бериши мумкин. Хатто сиздан ўта шахсий ва баъзан камситувчи ёки ҳақоратомуз туюладиган саволлар сўралиши мумкин. Савол нима бўлишидан қатъий назар, ҳар доим мулойим ва хотиржам бўлинг, қўпол жавоб берманг, ваҳимага тушманг.
Бордию иммиграция ходими сизга АҚШга киришга рухсат бермаса, сиз бу қарор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга эмассиз. Фақат бир ҳолатда ишингиз иммиграция судида кўриб чиқилиши мумкин—кириш пунктида сиз ўз ватанингизга қайтишдан қўрқиб, сиёсий бошпанага мурожаат қилиш ниятингиз борлигини айтсангиз. Бу ҳолатда ишингиз иммиграция ишлари бўйича судда кўриб чиқилади.
* Юқорида берилган маълумотлар ҳуқуқий маслаҳат эмас. Иммиграция ҳуқуқи бўйича саволларингиз бўлса адвокат билан боғланинг.