Америкада “Дримерс” ва “ДАКА” деганда нима назарда тутилади?

Америкада иммиграция соҳасида ислоҳотлар ҳақида гап кетар экан, “Дримерс” (“Dreamers”) ва “ДАKА” (“DACA”) каби тушунчалар кўп ишлатилаётганини кузатиш мумкин. Бу ҳафта бошланиб, келаси ҳафталарда муҳокама қилинадиган иммиграция ислоҳотларининг марказида ҳам айнан “Дримерс” ва “ДАKА” туради. Ҳўш, бу тушунчалар нимани билдиради?
Ҳужжатсиз иммигрантлар муаммоси
Таҳминларга кўра, Америкада 10-12 миллион ҳужжатсиз иммигрант бор. Уларнинг аксарияти Калифорния, Техас, Флорида, Ню Йорк, Ню Жерси ва Илинойс штатларида истиқомат қилади. Ҳукумат ҳужжатсиз иммигрантлар билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этишга бир неча йилдан бери ҳаракат қилмоқда, аммо ҳали самарали ечим топилгани йўқ.
Болаларнинг айби нима?
Энг жиддий муаммолардан бири ота-онаси билан Америкага келган вояга етмаган болалар тақдири билан боғлиқ. Жумбоқ шундаки, ота-онаси виза шартларини бузган ёки чегарани ноқонуний кесиб ўтгани туфайли ҳозирда ҳужжатсиз бўлган болалар бор. Уларнинг айби нима, дейди инсон ҳуқуқлари фаоллари. Масалан, бу гуруҳга Мексикадан Америкага чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтган ота-онанинг фарзанди киради. Ёки, Америкага ота-онаси билан Москвадан 4 ёшида турист визаси билан 3 ойга келган, аммо ота-онаси виза шартларини бузгани туфайли ҳужжатсиз иммигрантга айланган болани мисол қилиб келтирса бўлади. Уларнинг бутун ёшлиги Америкада ўтган. Ўзларини америкалик деб биладилар. Кўпи олий маълумотли ва ўта муваффақиятли.
«Дримерс» кимлар?
Ҳам республикачилар, ҳам демократлар Америкага ноқонуний иммиграцияни тўхтатиш кераклигини, иммиграция қоидаларини бузганларга нисбатан жиддий чора кўриш кераклигини айтадилар. Аммо бунда ҳеч қандай айби бўлмаган болалар зарар кўрмаслиги кераклигини ҳам тушунадилар.
Шу сабабли, 2010 йилда ҳужжатсиз иммигрантларга фуқаролик олиш йўлини очиш учун қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Конгрес муҳокамасига киритилди. Мазкур қонун лойиҳасининг номи ДРИМ Акт (DREAM Act – Development, Relief, and Education for Alien Minors Act).
ДРИМ Акт қонуни шартларига кўра:
1) Америкага келганида 16 ёшга тўлмаган;
2) Америкада энг камида 5 йил истиқомат қилган;
3) жиноят содир этмаган; ва
4) ДРИМ Акт қабул қилиниши вақтида ёши 12 ва 35 орасида бўлган ҳужжатсиз иммигрантларга қонуний мақом беришга рухсат берилади.
Конгресс мазкур қонун лойиҳасини қабул қилмади. Аммо ДРИМ Акт ҳимоя қилишни мақсад қилган ёшлар “Дримерс” (Dreamers – “орзу қилаётганлар”) деб атала бошлади.
ДАКА нима?
2012 йилга келиб собиқ Президент Обама, Дримерс масаласини Конгрес орқали ҳал этиб бўлмаслигини тушуниб, ўз ваколатлари доирасида ДАКА (DАCА – Deferred Action for Childhood Arrivals) номли дастурни қабул қилди (Executive Order). ДАКА ҳужжатсиз иммигрантларни депортация қилишни икки йилга тўхтатишни (Deferred action) ва уларга ишлашга рухсат беришни назарда тутади. Мазкур иммиграцион мақом ҳар икки йилда янгиланиши мумкин.
ДАКА дастури имтиёзларидан қуйидагилар фойдаланиши мумкин эди:
- 2012 йил 15 июнда 31 ёшга тўлмаганлар;
- Америкага келганларида 16 ёшга тўлмаганлар;
- Америкада 2007 йил 15 июндан бери давомий истиқомат қилиб келаётганлар.
Ш уни алоҳида таъкидлаш жоизки, ДАКА дастури ҳужжатсиз иммигрантга қонуний иммиграцион мақом беришни ва келажакда фуқаро бўлишга йўл очишни назарда тутмайди (бу масала Конгресс ваколатига киради).
ДАКА дастури имтиёзларидан фойдаланиш учун таҳминан 800 000 киши мурожаат қилгани айтилади.
ДАКАга Президент Трамп ва суднинг муносабати
2017 йил 5 сентябда Президент Трамп ДАКА дастурини бўйича мурожаатлар қабул қилишни тўхтатиш ва дастур тўлалигича 2018 йил 5 мартгача кучини йўқотиши ҳақида фармон қабул қилди. Мазкур қарор устидан бир гуруҳ даъвогарлар судга шикоят топширди. 2018 йил 9 январда судя Уилям Алсап (Judge William Alsup) Президент Трампнинг ДАКАни бекор қилувчи қарори ижросини вақтинча тўхтатиш ва ДАКАга аввал мурожаат қилганларга ўз иммиграцион мақомларини янгилашда давом этишга рухсат берди.
Бугун, яни 2018 йил 13 февралда, судя Николас Гарофис (Judge Nicolas Garaufis) ҳам Президент Трамп қарорига қарши чиқди. Ҳукумат минглаб ёшларнинг тақдирига салбий таъсир қиладиган ДАКА дастурини шошилинч тарзда бекор қилиш учун жиддий сабаб кўрсатмади, дейилади 55-бетлик суд қарорида.