АҚШда яшаётган муҳожирлар учун ҳаёт суғуртаси нимага керак?

Муаллиф ҳақида: Суҳробжон Исмоилов New York Life компаниясининг Manhattan, New York офисида молиявий режалаштириш бўйича маслаҳатчи вазифасида ишлайди. Иши давомида АҚШнинг 9та штатида яшайдиган, турли соҳаларда меҳнат қилаётган, баъзилари ўз бизнесларига эга бўлган, асосан муҳожирлардан иборат мижозларга хизмат кўрсатади. Шу кунгача 400дан ортиқ кишига уларнинг шахсий вазиятларидан келиб чиқиб, молиявий режаларини бошлаб олишга, хусусан ҳаёт суғуртаси шартномаларини бошлашга ёрдам берган. Компанияда энг юқори малакали маслаҳатчиларга бериладиган қарийб ҳамма мукофот ва ёрлиъларни олган. 2017 ва 2018 йиллар учун нуфузли Million Dollar Round Table халқаро, дунё бўйича энг юқори малакали молиявий маслаҳатчилар ва ҳаёт суғуртаси очтириш бўйича агентларнинг уюшмаси аъзолигага сазовор бўлган.
Ҳаёт суғуртаси (Life insurance) АҚШда яшаётган муҳожирлар учун зарурми ёки йўқми саволига ҳеч иккиланмасдан зарур, деб жавоб берган бўлардим. Кунора дунёнинг турли давлатларида асосан ижтимоий-иқтисодий сабаблар туфайли яшаб, меҳнат қилаётган муҳожирлар билан содир бўлаётган нохуш ҳодисалардан хабардор бўляпмиз. Мазкур ҳодисалар кўп ҳолатларда муҳожирлар учун кутилмаган ўлим билан тугаяпти. Ўзбекистонлик муҳожирлар орасида ҳам бундай ҳолатлар тез-тез содир бўлиб туради. Бундай ҳолатларда ҳаёт суғуртаси берадиган ҳимояни на ҳукумат, на дўстлар ва қариндошлар бера олмайди. Шунинг учун ҳаёт суғуртасини ҳар бир инсон, ҳусусан оилада бир киши ишлаётган бўлса ва бутун оиланинг ҳаражатлари унинг даромадига боғлиқ бўлса, очтириб қўйиши шарт, деб ҳисоблайман.
Ҳаёт суғуртасининг фойдаларини асосан икки турга бўлиб тушунтириш мумкин:
1) Инсон ўлимидан кейин, ўлим сабабларидан ва вақтидан қатъий назар, шу инсон яқинларига ва меросхўрларига берилади. Мазкур суғурта шартларига кўра, вафот этган кишининг бир неча йиллик даромади кафолатланган тарзда унинг яқинлари ёки меросхўрларига биттада тўланади. Бунинг натижасида вафот этган кишининг яқинлари молиявий қийинчилик ва ташвишлардан қутуладилар.
2) Ўзи учун ҳаёт суғуртаси очтирган киши ҳаёти давомида ушбу суғурта ичида тўпланган ва кўпайган маблағларни бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкин. Ундан ташқари, ҳаёт суғуртаси очтирган киши саломатлиги туфайли меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган ҳолатларда ҳам ундан фойдаланиши мумкин.
Ҳаёт суғуртаси тасдиқланган ондан бошлаб ҳуқуқий шартнома ҳисобланади. Ушбу шартнома шартларига кўра, суғурта компанияси ўзи учун ҳаёт суғуртаси очтирган одамга ва унинг яқинларига юқорида айтиб ўтилган ҳаёт суғуртасининг икки турдаги фойдаларини берилишини кафолатлайди. Бунда суғурта компанияси ўз зиммасига олган мажбуриятларни бекор қилолмайди ёки воз кечолмайди. Бу шартлар бажарилиши учун ҳаёт суғуртасини очтирган шахс зиммасига фақат битта мажбурият тушади—суғурта полисида назарда тутилган ойлик тўловларни тўлаш. Ойлик тўловларнинг миқдори кишининг саломатлиги, шартноманинг умумий миқдори (ҳимоя-мерос суммаси) ва бошқа меъзонларга қараб белгиланади.
АҚШда 800 дан ортиқ ҳаёт суғурта компаниялари фаолият юритади. Улар АҚШ ва дунё молиявий тизимининг энг қудратли ва муҳим иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Тарихда камдан кам ҳолатларда суғурта компанияларининг тугатилиши кузатилган. Аксарият ҳолатларда суғурта компаниялари 100 йил ва ундан ортиқроқ муддат банкрот бўлмасдан, мижозлари олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариб келаяпти. Қўшимча равишда, АҚШда суғурта компаниялари ўзларини тўхтаб қолмасдан ишлаб туришларини ҳамда мижозлар олдидаги мажбуриятларни тўлиқ бажара олиш учун ҳам ҳар битта штатда суғурта мажбуриятларини мижозга тўлаб беришни кафолатлайдиган фондлар ташкил этганлар.
Кўпчилик муҳожирлар учун асосий меҳнат, маблағ тўплаш, оила қуриш, фарзандларни вояга йетказиш ва нафақага чиқиш АҚШда ўтади. Демак, молиявий режалаштириш (хусусан ҳаёт суғуртаси орқали оила даромадини кафолатланган тарзда ҳимоя қилиш) ва бошқа муҳим мақсадларга (фарзандларни таълим олишлари, уй-жой сотиб олиш, бизнес очиш, нафақа йилларига маблағ тўплаш) умр ўтиб кетмасдан улгуриб қолишга ҳаракат қилинади. Ҳаёт суғуртасини очтиришда ойига қанчадан сумма қўйиб боришга энг кўп таъсир қиладиган сабаблар бу кишининг ёши ва саломатлигидир. Демак, бундай шартномани вақтлироқ очтирган одам ютади. Худди шунингдек, пул тўплаш мақсадига ҳам кўп ҳолатларда шу мақсадга интилаётган инсоннинг қанчалик вақтлироқ бошлагани таъсир этади.
Ҳаёт суғуртаси шартномасини очтиргандан кейин (ўртача 40-45 ёшгача очтириш керак) оила боқувчиси вафот этса, унинг 5-10 йиллик даромади оила аъзоларига ёки меросхўрга тўланиши кафолатланади. Мазкур суғурта орқали инсон ҳаётининг энг хавф-хатарга тўла, даромад манбаи барқарор бўлмаган йиллар, ва фарзандлар кичик бўлган даврнинг молиявий ҳимояси кафолатланган бўлади. Фарзандлар катта бўлиб, мустақил даромадга эга бўлишгач эса, ушбу ҳимоя мақсади ўзгариб, меросга айланади ва натижада суғурта очтирган инсон, агар узоқ умр кўриб оламдан ўца ҳам, фарзандларига ва кейинги авлодига жиддий маблағ қолдириб кетиши мумкин. Шартномада кўрсатилган сумма ҳимоя ёки мерос тариқасида меросхўрларга ўтишидан қатъи назар АҚШнинг кўп штатларида бу маблағ федерал даромад солиғидан озод қилинган.
Агар бошқа мавжуд имкониятлар билан солиштирилса ҳаёт суғуртасининг ичида пул тўплашнинг ҳам бир қанча афзалликлари мавжуд. Ҳаёт суғуртасининг ичида пул тўплашда, агар шартноманинг тўғри тури танланса, банклар беролмайдиган миқдорда бериб кетилаётган пулни ўстириш имконияти мавжуд. Кўп кучли суғурта компаниялари 3-4% фоизда кафолатланган тарзда ойма-ой қўйиб борилаётган маблағларни ўстира олади. Етарлича пул тўплангандан кейин, суғурта очтирган киши шу тўпланган маблағни солиқ тўламасдан олиб ишлатиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, сиз ушбу шартнома ичида мунтазам равишда ойма-ой пул маълум миқдорда пул тўплаб боришингиз натижасида сизга суғурта (ҳимоя ва мерос) фойда бўлади. Ундан ташқари сиз ушбу ойма-ой қўйиб келаётган маблағларни бошқа мақсадларда ҳам ишлата оласиз. Масалан, фарзандларнинг таълим олиши, нафақа йилларида ишлатиш, уй харид қилиш, ва бизнес очиш учун. Мақсадни сиз белгилайсиз.
Суғурта компаниялари сиз ойма-ой тўлаб бораётган маблағларни айлантиради ва сармоя сифатида бошқариш орқали фойда топади. Хуллас, ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўзининг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб, даромадининг паст-юқорилигидан қатъи назар, ўзига мос ҳаёт суғуртаси очтириши мумкин.
Бу жуда кенг мавзу бўлганлиги учун, муаллифнинг қуйидаги ўзбек тилидаги видео-тақдимотларини кўриб чиқишингиз мумкин:
- АҚШ-да молиявий режалаштириш нима учун керак? – https://www.youtube.com/watch?v=iDhwDMw_loU&t=107s
- Ҳаёт суғуртаси ҳақида умумий маълумотлар – https://www.youtube.com/watch?v=LTCAgSrRWdM&t=5352s
- Молиявий режалаштириш ҳақида умумий маълумотлар – https://www.youtube.com/watch?v=2NlhxnMHVlk&t=411s
Муаллиф кўп баҳсларга сабаб бўлгани сабаби “Ҳаёт суғуртасини очтириш Ислом динига тўғри келадими?” мавзусини ўз Youtube каналида муҳокама қилишни режалаштирган. Кузатиб боринг.