Ҳужжатcиз иммигрантлар: Иммиграция хизмати уйингизга келганда

*Қуйида берилган маълумотлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди. Полиция ҳаракатлари ҳақида саволларингиз бўлса ёки шикоят қилмоқчи бўлсангиз, зудлик билан адвокат ёллашни тавсия қиламиз.
Аҳолиси 310 миллионга яқин АҚШ иммигрантлар мамлакатидир. Тахминларга кўра, АҚШ ҳудудида бугун 12-15 миллион ҳужжатcиз иммигрант (undocumented immigrant) яшайди. Ҳужжатcиз иммигрант бу АҚШда қонуний равишда истиқомат қилишга ҳужжати бўлмаган шахсдир. Ҳужжатcиз муҳожирлар иммиграция хизмати ходимлари томонидан тутилган тақдирда, ўз ватанларига депортация (бадарға) қилинадилар. Масалан, расмий рақамларга кўра, 2016 йилда 240 мингдан, 2017 йилда эса 226 мингдан ортиқ ҳужжатcиз иммигрант ўз ватанига депортация қилинган.
Иммиграция хизматининг АҚШда ҳужжатcиз яшаб-ишлаб юрган муҳожирларни топиш мақсадида амалга оширадиган фаолиятлардан бири бу рейдлардир. Иммиграция ходимлари рейдларни бевосита уйингизга келиб, кўча-кўйда ёки иш жойингизда амалга ошириши мумкин.
Ватандошларимиз орасида ҳам АҚШда ҳужжатcиз муҳожир сифатида кун кечираётганлар талайгина. Хўш, полиция ёки иммиграция хизмати ходимлари уларнинг уйига келганда қандай ҳуқуқлари бор?
Иммиграция хизмати ҳақида
АҚШ Миллий Хавфсизлик Департаментида (US Department of Homeland Security) иммиграция масалалари билан ишлайдиган уч асосий бўлим бор: 1) Иммиграция ва Божхона Хизмати (ICE – Immigration and Customs Enforcement); 2) АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизмати (USCIS – Citizenship and Immigraiton Services); ва 3) Божхона ва Чегара Назорати (CBP – Customs and Border Patrol). Ушбу уч муассасага кўпинча умумлаштириб “Иммиграция хизмати” (Immigration) дейилади. Мазкур уч иммиграция хизмати орасида АҚШда ҳужжатcиз муҳожирларни топиш, уларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш ишлари билан асосан ICE (Immigration and Customs Enforcement– Иммиграция ва Божхона Хизмати) шуғулланади.
Иммиграция хизмати уйингизга келганда
Иммиграция хизмати ходими ёки полиция уйингизга келганда, уйингиз ичкарисига киришга рухсат берманг. Улар билан гаплашиш учун эшикдан ташқарига чиқинг ва орқангиздан эшикни ёпинг. Ходимдан сизни ҳибсга олишга рухсати, яни ордери бор-йўқлигини сўранг. АҚШда иммиграция хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот хизмати ходимларининг уйингизга киришига ва ҳибсга олишга рухсат берадиган ҳужжатнинг номи “Arrest warrant” деб аталади. “Arrest warrant” суд томонидан берилиб, унда шахснинг исми аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Иммиграция хизмати ходимлари “ICE warrant” деб аталадиган ҳужжат билан ҳам келишлари мумкин. Бу ҳужжат ҳужжатcиз иммигрантни депортация қилиш ҳақидаги ордердир. “Arrest warrant”дан фарқли ўлароқ, “ICE warrant” суд томонидан берилмагани учун, уйингизга сизнинг розилигингизсиз киришга рухсат бермайди.
Агар полиция ёки иммиграция хизмати ходимининг уйингизга кириш учун ордери бўлмаса, унга эшигингизни очмасликка ҳаққингиз бор. Агар иммиграция хизмати ходими сизга ордерим бор деб айтcа, ходимни уйга киритмасдан олдин ордерни тўлиқ ўқиб чиқишга ҳаққингиз бор. Кўпинча, иммиграция хизмати ва умуман, ҳуқуқ-тартибот хизмати ходимлари ордерни ўзлари ё эшик тагидан, ё эшикни қия қилиб очганингизда сизга узатишади. Ордер билан танишиб чиқаётганингизда, у суд томонидан берилганига ишонч ҳосил қилинг. Бунинг учун ордерда судя имзоси борлигига диққат қилинг. Шу билан бирга, ҳибсга олиниши керак бўлган шахснинг исм-шарифи ёзилган бўлиши керак. Агар ордер суд томонидан берилмаган бўлса, масалан юқорида тилган олинган “ICE warrant” бўлса, унда иммиграция хизмати ходимини уйингизга киритиш мажбуриятингиз йўқ.
Сукут сақлаш ҳуқуқи
Полиция ёки иммиграция хизмати ходими уйингизга кирган тақдирда ҳам, улар берадиган саволларга жавоб беришга мажбур эмассиз. Бундай ҳуқуққа АҚШда саволларга қарши сукут сақлаш ҳуқуқи дейилади (“the right to remain silent”). Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қаерда туғилганингиз, АҚШга қандай қилиб кириб келганингиз ҳақида маълумот берманг. Шу билан бирга, ўзингизни АҚШ фуқароси ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган шахс деб кўрсатиш учун сохта ҳужжатларни тақдим этманг. Иммиграция хизмати ходими тақдим этган бирор ҳужжатга, айниқса, унинг нима ҳақда эканлигини тушунмай туриб, имзо қўйманг. Иммиграция хизмати ходимига, саволларга адвокат билан маслаҳат қилмасдан туриб жавоб бермаслигингизни айтинг. Инглиз тилини яхши билмасангиз, “I want to speak to a lawyer.” (“Мен адвокат билан гаплашишни хоҳлайман”), деб айтинг.
Ордери бўлмаган тақдирда, полиция ёки иммиграция хизмати ходими бир-нечта савол сўраш учун сиздан уйингизга киришга рухсат сўраши мумкин. Бундай ҳолларда иммиграция хизмати ходимини ва умуман, ҳар-қандай ҳуқуқ-тартибот ходимига уйингизга киришга рухсат берманг.
* Юқорида берилган маълумотлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди. Полиция ҳаракатлари ҳақида саволларингиз бўлса ёки шикоят қилмоқчи бўлсангиз, зудлик билан адвокат ёллашни тавсия қиламиз.