574-386-2815

Call Us Now

 

Иммиграция хизмати кўчада тўхтатганда

Langar Law Firm > Маслаҳатлар  > Иммиграция хизмати кўчада тўхтатганда

Иммиграция хизмати кўчада тўхтатганда

Hujjatsiz immigrant muhojir

* Қуйида берилган маълумотлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди.  Полиция ҳаракатлари ҳақида саволларингиз бўлса ёки шикоят қилмоқчи бўлсангиз, зудлик билан адвокат ёллашни тавсия қиламиз.

Аввал чоп этилган мақоламизда полиция ёки иммиграция хизмати ходими ҳужжатсиз иммигрант уйига келганда қандай ҳуқуқлари борлигини муҳокама қилган эдик (Иммиграция хизмати уйингизга келганда).  Мазкур мақола полиция ёки иммиграция хизмати ходими ҳужжатсиз иммигрантни кўчада тўхтатганда ёки иш жойида рейд ўтказганда қандай ҳуқуқлари борлиги ҳақида.

Иммиграция хизмати ходими сизни кўчада сўроқ қилиш учун тўхтатганда, осойишталикни сақланг ва мулойим бўлинг. Иммиграция хизмати ходими ёки ҳуқуқ-тартибот хизмати ходими билан тортишманг ва қаршилик кўрсатманг. Қўлларингиз ҳамиша полицияга кўринадиган ҳолда турсин.

Инглиз тилини билсангиз, сиз ҳибсга олиндингизми ёки йўқми, шу ҳақда сўранг («Am I under arrest?» – «Мен ҳибсга олиндимми?»). Агар ҳибсга олинмаган бўлсангиз, йўлингизда давом этишингиз мумкин. Агар ҳибсга олинганингизни маълум қилишса, нима сабабдан ҳибсга олинганлигингизни билиш ҳуқуқига эгасиз ва бу ҳақда сўранг.

Ҳибсга олинган вақтингиздан бошлаб сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз.  Бу ҳақда, албатта,  ходимга билдиришингиз керак (I want to remain silent. – Мен сукут сақлашни хоҳлайман).  Баъзи штатларда, ходим сиздан исм-шарифингизни сўраса, жавоб беришга мажбурсиз.

Агар ҳуқуқ-тартибот хизмати ходими сизда қурол борлигини шубҳа қилса, устингизни секин пайпаслаб текшириб чиқиши мумкин. Бунга инглиз тилида “pat down” дейилади.  Бунга ҳеч қачон қаршилик кўрсатмаслигингиз керак. Полиция ходими сизни асоссиз пайпаслаётган бўлса ҳам, қаршилик кўрсатманг,  ва “I do not consent to the search, ” (“Мен устим пайпасланишига рози эмасман. ”) деб айтинг.

Иммиграция хизмати ходими турли иш жойларида ҳам рейд ўтказадилар. Уларнинг иш жойингизга келганидан хабар топсангиз, сездирмасдан у ерни тарк этишга ҳаракат қилинг. Бунинг иложи бўлмаса, осойишталикни сақланг. Энг муҳими, иммиграция хизмати ходимини кўрганингизда ундан қочманг. Қочсангиз, иммиграция хизмати ходими сизни ҳақиқатдан ҳам жиноят содир этганлигингизда шубҳа қилиб, ордерсиз ҳибсга олишга ҳаққи бор.

Ҳам кўчада, ҳам иш жойида иммиграция хизмати ходимига йўлиққанингизда табиий ҳолда сиздан иммиграцион статусингиз ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилиши мумкин.  Умуман олганда, ёшингиз 18дан ўтган бўлса ва АҚШда қонуний яшашга рухсатингиз бор бўлса (яни Грин картангиз ёки “Permanent resident card”ингиз бор бўлса),  бундай ҳужжатни ҳар доим ўзингиз билан бирга олиб юришингиз керак.  Иммиграция хизмати ходими сиздан ҳужжат тақдим этишингизни сўраганда, тегишли ҳужжатни, албатта, кўрсатишингиз керак.

Агар ҳужжатсиз муҳожир бўлсангиз, сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланмоқчи эканлигингизни айтинг (“I want to remain silent.” / “Мен сукут сақлашни хоҳлайман.”).  Сизнинг иммиграцион статусингиз ҳақида сўралган ҳар қандай саволга қарши сукут сақлаш ҳуқуқингиздан фойдаланишингиз керак.  Иммиграция хизмати ёки бошқа ҳуқуқ-тартибот хизмати ходими сизнинг иммиграцион статусингиз, қаерда туғилганингиз, АҚШга қандай қилиб кириб келганингиз ҳақида берган саволларга жавоб беришга мажбур эмассиз. Шу билан бирга, ўзингизни АҚШ фуқароси ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган шахс деб исботлаш учун сохта ҳужжатларни кўрсатманг. Ҳеч қандай ҳужжатга, айниқса, нима ҳақида эканлигини тушунмай туриб, имзо қўйманг. Ҳар қандай ҳужжат матнини тушунмаганингизда, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.

Иммиграция хизмати сизни ҳибсга олганда

Ҳибсга олинганингизда, ноҳақ деб ҳисобласангиз ҳам, қаршилик кўрсатманг.  Саволларга адвокат билан маслаҳат қилмасдан жавоб бермаслигингизни айтинг. Агар адвокат ёллашга пулингиз бўлмаса, иммиграция хизмати ходимига сизга бепул хизмат кўрсатувчи (“pro bono immigration lawyers” деб аталади) ёки арзон нархларда хизмат кўрсатувчи адвокатлар рўйхатини беришини илтимос қилинг.

Якуний маслаҳатлар

АҚШда ҳужжатсиз муҳожир бўлиб юрган шахслар, энг аввало, амалдаги қонун-қоидаларни бузмасликлари керак.  Умуман олганда, АҚШда полиция камдан-кам ҳолатларда кимнидур ҳеч қандай сабабсиз тўхтатиб, сўроққа тутади. Бундай чорага қўл уриши учун полициянинг жиддй сабаблари бўлиши керак.

Айтайлик, сиз ҳужжатсиз муҳожирсиз ва машинангизда кетаётганингизда сизни полиция тўхтатди.  Агар тўхтасам, полиция ходими менинг АҚШда ҳужжатсиз юрганимни ўрганади ва мени депортация қилади деб ўйлаб тўхтамаслик полиция ходими учун сизни қувлаб-етишга, ордерсиз тинтув қилишга ва ниҳоят, ҳибсга олишга етарли асос бўлиб хизмат қилади.

Сизни тўхтатган полиция ходимига фақат ҳайдовчилик гувоҳномасини, машина суғуртасини ва унинг рўйхатдан ўтганлигини кўрсатувчи ҳужжатни кўрсатишинзигиз керак.  Бу ҳужжатлардан сизнинг ҳужжациз муҳожир эканлигингизни билиб олиши мумкин эмас. Ўзингизни осойишта тутиб, полиция билан мулойим муомалада бўлсангиз, сизга йўл қоидасини бузганлигингиз учун (агар сизни тўхтатишга шу сабаб бўлган бўлса) огоҳлантириш ёки жазо беришдан бошқа ҳеч қандай чора кўрилмайди.

Ҳужжатсиз муҳожир, ўз иммиграцион ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, ҳар қандай вазиятга тайёр бўлмоғи лозим ва баъзи тайёргарлик чораларини кўрган бўлиши керак.  Шулардан энг муҳими керак бўлганда қисқа вақт ичида мурожаат қилишингиз мумкин бўлган адвокатларни билиш.  Уларнинг исм-шарифлари ва телефон рақамларини доим ёнингизда олиб юринг.  Худди шу алоқа маълумотларини сиз билан яшайдиган оила аъзоларингиз ёки дўстларингиз учун ҳам уйингизда сақланг. Бу маълумотлар ёрдамида сиз ҳибсга олинган тақдирингизда, яқинларингиз сизга қисқа муддат ичида адвокат ёллашлари мумкин бўлади.

Оилангиз аъзоларига ёки дўстларингизга иммиграцион номерингизни (“A number”) бериб қўйинг. Ҳибсга олинганингизда, яқинларингиз айнан шу номер орқали сизни топишлари осонроқ бўлади.

* Юқорида берилган маълумотлар расмий ҳуқуқий маслаҳат ўрнида ўтмайди.  Полиция ҳаракатлари ҳақида саволларингиз бўлса ёки шикоят қилмоқчи бўлсангиз, зудлик билан адвокат ёллашни тавсия қиламиз.

No Comments

Leave a Comment

Add A Knowledge Base Question !

You will get a notification email when Knowledgebase answerd/updated!

+ = Verify Human or Spambot ?