574-386-2815

Call Us Now

 

Иммиграцион формалар: 5 хатога йўл қўйманг

Langar Law Firm > Иммиграция жараёни  > Иммиграцион формалар: 5 хатога йўл қўйманг

Иммиграцион формалар: 5 хатога йўл қўйманг

Иммиграцион формаларни адвокат ёлламасдан ўзи ёки “виза маслаҳатчилар” ёрдамида тўлдирадиганлар кўп. Охирги пайтлар шу сабабдан жиддий муаммоларга йўлиқаётган ватандошлардан жуда кўп саволлар келаяпти. Иммиграцион формаларни тўлдиришда қўйилган хато ёки эътиборсизлик сабабли ватандошларнинг визалари рад этиляпти ёки топширилган ҳужжатларни кўриб чиқиш узун муддатга кечиктириляпти.  Иммиграцияга боғлиқ бўлган масала нима бўлишидан қатъий назар малакали адвокат билан маслаҳат қилиш кераклиги ҳақида алоҳида мақола ёзаман. Мазкур мақолада эса асосий эътиборни иммиграцион формаларни тўлдиришда қўйилаётган асосий 5 хатога қаратаман.

1. Исм-шарифни нотўғри ёзиш

Иммиграцион формаларни тўлдиришда исм-шарифни тўғри ёзишга алоҳида эътибор бериш керак.  Исм-шарифни нотўғри ёзганингиз учун иммиграция ходими сизни фирибгарликда (fraud) ёки ёлғон маълумот беришда (misrepresentation) гумон қилиши мумкин.  Бу эса ҳужжатларингизни рад этиш учун етарли асос бўлиб хизмат қилади.  Илк қарашда зарарсиз туюлса ҳам, исм-шарифни нотўғри ёзиш ўта жиддий хато ҳисобланади ва бугунги кунда энг кўп учраётган ҳолатлардан бири.

Бундай хатога йўл қўйилганда иммиграция ходими қўшимча ҳужжат талаб қилиши мумкин (кўпинча “Request for Evidence” деб номланадиган ҳужжат юборилади). Баъзи ҳолатларда эса, ҳусусан грин карта лотереясини (6,  7,  8,  9,  10-саволларга берилган жавобларга эътибор беринг) ютган кишиларга, визанинг рад этилишига асосий сабаб бўлмоқда.

2. Ёлғон маълумот бериш

Иммиграцион формаларда турли кўринишда ёлғон маълумот бериш охир-оқибат виза, доимий резидент ва/ёки АҚШ фуқаролиги учун топширилган ҳужжатларнинг рад этилишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳужжат топшираётганлар кўпинча ўтмишда содир этган маъмурий ёки жиноий қилмишни беркитишни мақсад қиладилар. Ёки бўлмасам, АҚШга қайси виза билан кириб келгани ҳақида маълумотни яширадилар. Бундан ташқари, фуқаролиги бўлмаган киши фуқароман, деб айтиши ҳам кўп учрайдиган ҳолатлардан бири.  Кўпинча ишга ҳужжат топшираётган эгизаклар ёки бир-бирига жуда ўхшайдиган ака-ука ва опа-сингиллар томонидан бундай ёлғон маълумот бериш кўп кузатилади.

Ёлғон маълумот қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, бир кун келиб фош бўлиши мумкин. Масалан, Operation Janus деб номлаган чора-тадбирлар натижасида АҚШ фуқаролигини ёлғон маълумотлар асосида олган кишилар фуқароликдан чиқарилмоқда.  Иммиграция хизмати 300 мингдан ортиқ АҚШ фуқаролигини олган кишиларни қайта текширувдан ўтказмоқда.

3. Талаб қилинган қўшимча ҳужжатларни илова қилмаслик

Иммиграцион формаларнинг аксарияти қўшимча ҳужжатларнинг (Supporting documentation) асли ёки нусхаси ҳам топширилишини талаб этади. Масалан, сиз қайси адресда истиқомат қилаётганингизни кўрсатиш учун коммунал тўловларни кўрсатувчи ҳужжат (кўпинча электр учун ҳар ой тўланадиган тўлов квитанцияси [electric bill]) ёки никоҳни исботлаш учун никоҳ гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар талаб этилиши мумкин.

Тегишли иммиграцион форма адвокат билан маслаҳат қилмасдан, мурожаат этаётган киши ёки “виза маслаҳат” фирмаси орқали тўлдирилган тақдирда, талаб этилган қўшимча ҳужжатларни илова қилишда хатоларга йўл қўйилишининг эҳтимоли катта. Натижада мурожаат рад этилиб, барча ҳужжатлар қайтадан топширилиши талаб этилиши мумкин.  Ёки бўлмаса, ҳужжатларни кўриб чиқиш узун муддатга кечикиб кетиши мумкин.

Агар бирон ҳужжатнинг асл нусхаси топширилишини талаб қилинмаса, ҳамиша ҳужжатнинг копияси юборилиши керак. Бордию адашиб ҳужжатнинг асл нусхасини юборсангиз, кейинчалик уни қайтариб олиш қийин бўлади.

Агар ҳужжат инглиз тилида бўлмаса, унинг таржимасини ҳам топширишингиз керак.  Таржима профессионал таржимон томонидан бажарилган бўлиши шарт эмас. Таржима қилган киши инглиз тилини билиши ва билими ва тажрибасига асосланиб аниқ таржима қилгани ҳақида тилхат ёзиб берса кифоя (бунга “Certification” дейилади).  Таржима қилинган ҳужжатда сана, таржима қилган кишининг имзоси ва тўлиқ исм-шарифи ва телефон рақами кўрсатилган бўлиши керак.

4. Талаб этилган жойга имзо қўймаслик

Иммиграцион ҳужжатларнинг барчаси мурожаат қилаётган киши (petitioner) томонидан имзоланган бўлиши керак.  Имзо қўймасдан юборилган ҳужжат, иммиграцион форма тўғри тўлдирилганлигидан қатъий назар, қайтариб юборилади. Масалага бу даражада жиддият билан қаралишининг асосий сабаби шундаки, сиз иммиграцион ҳужжатларга имзо қўйиш орқали барча маълумотлар тўғри эканлигини тасдиқлайсиз. Бу эса кейинчалик сиз ёлғон маълумот берганингиз аниқланган тақдирда сизни жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилади.

5. Юборилган ҳужжарлар нусхасини сақлаб қўймаслик

АҚШ иммиграция тизимида, бошқа бюрократик тизимларда ҳам бўлгани каби,  ҳужжатларнинг ёқолиш ҳолатлари учраб туради. Натижада иммиграцион ҳолатингиз бўйича ҳеч қандай силжиш бўлмайди, мурожаатингизни кўриб чиқиш кечикади.  Бундай ҳолат юз берганда зудлик билан чора кўриш учун сиз ҳужжатларнинг нусхаларини сақлаб қўйган бўлишингиз керак.

Якуний маслаҳатлар

Виза ва иммиграцион формаларининг тўғри тўлдирилиши ва юборилиши (filing) учун ҳамиша малакали адвокат ёллашга ҳаракат қилинг. Бундай ҳужжатларни тўлдириш қийин эмасдек туюлса ҳам, амалда ҳуқуқий таълим ва тажрибага эга бўлган малакали адвокат томонидан тайёрланишини талаб қилади. Сизга “виза маслаҳат” жойлари нима деб ишонтиришга ҳаракат қилмасин, улар ҳеч қачон малакали адвокат ўрнини боса олмайди. Бундан ташқари, ҳужжатларни топширишда қўйилган хатолар учун “виза маслаҳат” фирмаларини жавобгарликка тортиб бўлмайди. Адвокат хатога йўл қўйган тақдирда эса уни жавобгарликка ториш мумкин. Қолаверса, кўпинча “виза маслаҳат” ва адвокатга тўланадиган ҳақ ўртасида катта фарқ бўлмайди.

Бордию таваккал қилиб ўзингиз тўлдирмоқчи бўлсангиз, унда қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор беринг:

  1. Шошқалоқликка йўл қўйманг: Иммиграцион формаларни тўлдиришда хатоларнинг аксарияти шошқалоқликдан келиб чиқади. Исм-шарифнинг нотўғри ёзилиши, барча саволларга жавоб бермаслик, формани имзо қўймасдан топшириш каби хатолар кўпинча шошқалоқлик натижасида юз беради.
  2. Эътиборсизликка йўл қўйманг: Иммиграцион формада қандай маълумот талаб этилаётганини синчковлик билан ўқинг. Қандай маълумот сўралса бўш жойларни шунга қараб тўлдиришингиз керак. Сизга тегишли биронта саволни жавобсиз қолдирманг.
  3. “Э бўлаверади” ёндашувидан воз кечинг: Иммиграцион формаларда сўралган ҳар бир савол бежиз сўралмайди. Ҳар бирини синчковлик билан ўқиб, қандай маълумот ёки ҳужжат талаб қилинаётган бўлса барчасини топширишингиз керак.

No Comments

Leave a Comment

Add A Knowledge Base Question !

You will get a notification email when Knowledgebase answerd/updated!

+ = Verify Human or Spambot ?